2 дақиқа ўқишга
Нима учун айнан ö ğ ş ç
ö, ğ, ş, ç — тўрттаси ҳам турк алифбосида бор, учтаси озарбайжон алифбосида ҳам. Янги белгилар ўйлаб топилмади, тайёрлари олинди.
Нега бу муҳим
Энг кўп берилиши керак бўлган савол шу: «Энди шрифт сотиб олиш, дастурларни алмаштириш керакми?» Жавоб — йўқ.
Бу ҳарфлар Unicode стандартининг latin-ext қисмида туради. Турк ва озарбайжон тиллари туфайли улар ўттиз йилдан бери барча операцион тизимларнинг асосий шрифтларига киритилган. Windows, macOS, Android, iPhone, Linux — ҳаммасида бор. Word ҳам, браузер ҳам, телефон ҳам уларни ҳеч қандай қўшимча ишсиз кўрсатади.
Агар ўйлаб топилган янги белги киритилганида, аҳвол бутунлай бошқача бўларди: шрифтлар янгиланишини кутиш, эски қурилмаларда квадратчалар, босмахоналарда муаммо.
Клавиатура бошқа масала
Шрифт билан ҳаммаси жойида, клавиатура билан эса йўқ: стандарт лотин тартибида бу ҳарфлар учун тугма йўқ. Айнан шунинг учун биз тартиблар ва кўрсатмалар тайёрлаймиз — Клавиатура саҳифасига қаранг.
Алифбодаги ўрни
Ҳарфлар тартиби ҳам турк ва озарбайжон алифболаридагидек берилган: ç b дан кейин, ğ g дан кейин, ö o дан кейин, ş s дан кейин.
Бу дастурчилар учун муҳим: оддий саралашда ö ва ğ z дан кейин кетиб қолади, чунки уларнинг код рақами каттароқ. Тўғри тартиб учун махсус солиштириш керак — бу ҳақда дастурчилар учун алоҳида саҳифамиз бор.
Имло қоидаларининг янги таҳрири ҳали чоп этилмаган, шунинг учун расмий тартиб эълон қилиниши билан жадвалимизни янгилаймиз.