Махфийлик сиёсати
Амалдаги таҳрир: 2026-йил 10-сентябрь
Қисқача
Биз шахсий маълумот йиғмаймиз. Конверторга киритилган матн қурилмангиздан чиқмайди. Рўйхатдан ўтиш, куки ва ташқи аналитика йўқ.
Конвертордаги матн
Ўгириш тўлиқ браузерингиз ичида бажарилади. Матн серверга юборилмайди, сақланмайди ва журналга ёзилмайди. Буни текшириш осон: интернетни ўчиринг — конвертор ишлайверади.
Браузерингизда сақланадигани
Танлаган тилингиз ва кўриниш, саҳифаларнинг тармоқсиз ишлаши учун нусхаси, конвертордаги охирги матнингиз (ёпилган ойна уни йўқотмасин деб), охирги ўгиришлар рўйхати ва ёзув машқи натижалари. Буларнинг ҳаммаси қурилмангизда қолади ва бизга юборилмайди; браузер маълумотларини тозаласангиз, улар ҳам ўчади.
Ҳавола билан улашиш
«Ҳаволани нусха олиш» тугмаси матнни манзилнинг ўзида жойлаштиради. Бундай ҳаволани кимга юборсангиз, матнни ўша одам кўради — махфий матн билан эҳтиёт бўлинг. Ҳавола бизнинг серверимизда сақланмайди.
Материаллар ҳисоби
Босиб чиқариладиган материал юкланганда браузер бизнинг ўз манзилимизга битта бўш сўров юборади — унда фақат материалнинг номи бўлади. Бу қайси варақ кераклигини билиш учун: куки ҳам, идентификатор ҳам, матн ҳам юборилмайди.
Хато ҳақида хабар
Натижадаги сўзни белгилаб «Юбориш» ни боссангиз, бизга фақат ўша сўз, унинг матнингиздаги асли ва сиз ёзган тузатма (агар ёзсангиз) етиб боради. Матнингизнинг қолган қисми, ким эканингиз ва қандай қурилмадан кирганингиз юборилмайди. Юборишдан олдин нима кетишини сўзма-сўз кўрсатамиз.
Куки ва аналитика
Куки ишлатилмайди. Кузатув пикселлари ва реклама тармоқлари йўқ, шрифтлар ўз серверимиздан берилади. Ягона ташқи скрипт — Cloudflare Web Analytics: у нечта саҳифа очилганини санайди, куки қўймайди ва шахсий маълумот йиғмайди.
Сервер журналлари
Саҳифани очганингизда хостинг даражасида одатий техник ёзув қолиши мумкин: сўров вақти, саҳифа манзили, браузер тури ва IP манзил. Улар хизматнинг ишлаши ва суиистеъмолни аниқлаш учун керак, реклама учун ишлатилмайди.
Учинчи шахслар
Маълумотларингизни ҳеч кимга сотмаймиз ва бермаймиз. Ягона истисно — қонун бевосита талаб қилган ҳолат.
Болалар
Хизмат ҳамма учун очиқ ва шахсий маълумот сўрамайди, шунинг учун ёш чегараси белгиланмаган.
Ўзгаришлар ва алоқа
Сиёсат ўзгариши мумкин, амалдаги таҳрир санаси юқорида. Саволингиз бўлса ёки маълумотларингизга дахлдор бирор нарсани сўрамоқчи бўлсангиз — ёзинг.